ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ 2021 ЙИЛГА БАҒИШЛАНГАН ОЛИЙ МАЖЛИСГА МУРОЖААТНОМАСИ МУХОКАМАСИ

Қатнашди: кафедра мудири проф. З.А. Нурузова, доц. Н.Т. Ёдгорова, кат.ўқт. Ф.Ш. Маматмусаева, асс. У.М. Абдуллаев, Н.Ғ. Юлдошева, “ГУРУЧАРИҚ” МФЙ раиси Ш.Ш. Шорахмедов, маҳалла фаоллари

 

Кун тартиби:

 

  1. 12.2020 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ 2021 ЙИЛГА БАҒИШЛАНГАН ОЛИЙ МАЖЛИСГА МУРОЖААТНОМАСИ
  2. Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ўзгаришлар.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилга бағишланган Олий Мажлисга мурожаатномасига бағишланган “Гуручариқ” МФЙ да ташкил қилинган давра суҳбатини МФЙ раиси Ш.Ш. Шорахмедов очиб берди. Кафедра ассистентлари Абдуллаев У.М., Юлдошева Н.Ғ. йиғилганларни мурожаатноманинг мазмуни билан таништирдилар.

Мурожаатда давлат раҳбари 2020 йилда эришилган ютуқлар ва 2021 йил режаларини баён қилди. Кейинги йил учун асосий вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар эълон қилинди.

Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу йилги Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келмоқда.

Барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Охирги маълумотларга кўра, дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган.

Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган.

Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.

Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.

Хабарингиз бор, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди.

Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди. Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.

Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз.

Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказамиз.

Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз.

Бир сўз билан айтганда, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизим яратилади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино, бундан минг йил олдин “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, деб бежиз айтмаган.

Яқинда Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бўлиб ўтган учрашувларда ёшларимиз томонидан билдирилган дадил фикр ва ташаббуслар мени жуда қувонтирди.

Айниқса, куни кеча Ёшлар форумида ўғил-қизларимизнинг ёниб турган кўзларида улкан азму шижоатни, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, янада руҳландим ва улардан куч олдим. Ибн Сино бобомиз айтган довюрак ва ботир ёшлар айнан шу фарзандларим эканига яна бир бор амин бўлдим.

Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз.

Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз.

Ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этаман.

2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади.

Иккинчидан, она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибордир.

Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд фуқароларимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда.

Шу сабабли келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.

Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш – аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир.

Келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

Олтинчидан, халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилади ва реконструкция қилинади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.